Ҳамкорлик самаралари – ёшлар тарбиясида муҳим қадам!
Самарқанд шаҳридаги Президент мактаби ҳамда Миллий гвардия Чавандозлар мактаби ўртасидаги ҳамкорлик ишлари бугунги кунда изчил, самарали ва тизимли тарзда йўлга қўйилган. Ушбу ҳамкорлик доирасида мактаблар ўртасида нафақат спорт ва маданият соҳаларида тажриба алмашиш, балки ёшлар тарбияси, маънавий ва жисмоний ривожланишига доир бир қатор биргаликдаги лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Бугун ушбу ҳамкорликнинг яна бир самарали қадам сифатида Миллий гвардия Чавандозлар мактабининг тажрибали мутахассислари томонидан Президент мактаби ўқувчилари учун тарғибот ва ташвиқот ишлари ташкил этилди. Тадбир давомида ўқувчиларга чавандозлик спортининг тарихий илдизлари, ўзига хос техника ва услублари, шунингдек, бу спорт тури орқали ёшлар жисмоний чидамлилик, тезкорлик ва маънавий камолотга эришиш имкониятлари ҳақида батафсил маълумотлар берилди.
Шунингдек, тадбирда миллий спорт турларини ривожлантиришнинг аҳамияти, уларнинг жамиятда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилувчи ва ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашдаги роли кенг ёритилди. Ўқувчилар нафақат назарий билимларга эга бўлибгина қолмай, балки амалий машғулотлар орқали чавандозлик спорти билан яқиндан танишиш имкониятини ҳам олдилар.




