Бухорода жамоавий улоқ-кўпкари бўйича В-халқаро турнири ўтказилди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021-йил 5-августдаги ПҚ-5213-сон қарорига мувофиқ, ҳар йили “Наврўз” умумхалқ байрами арафасида Қорабайир зотли отлар иштирокида Халқаро улоқ-кўпкари турнири ўтказиб келинмоқда. Мазкур анъанавий мусобақа миллий спорт турларини оммалаштириш, чавандозлик маданиятини ривожлантириш ва халқаро спорт алоқаларини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Жорий йилда ҳам ушбу нуфузли мусобақа 3 кун мобайнида Бухоро вилоятининг Бухоро туманида жойлашган Миллий гвардия “Чавандозлар мактаби” ҳудудида ўтказилди.
Йилдан йилга нуфузи тобора ортиб бораётган бешинчи бор ўтказилган Халқаро жамоавий улоқ-кўпкари турнирида Россия, Хитой, Қозоғистон, Қирғиз Республикаси давлатлари ҳамда Ўзбекистондан иккита жамоа иштирок этишди.
Турнир олдингиларига қараганда ҳам шиддатли ўтди. Ҳар бир беллашув муросасиз бахсларга бой бўлди. Якунда Қозоғистон жамоаси Қирғиз республикаси термаси билан финалга йўл олди. Ўзбекистоннинг иккита жамаоаси эса бир бирлари билан 3-ўрин учун майдонда от чоптиришди.
5-Халқаро жамоавий улоқ-кўпкари турнирининг кубоги Қозоғистон полвонларига насиб этди. Иккинчи ўринни эса Қирғизистон ва 3-ўринни Ўзбекистон терма жамоалари қўлга киритишди.
Турнирнинг тантанали тақдирлаш моросими ҳам алоҳида байрамона тарзда ташкил этилди. Чавандозлар мактаби ҳудудига кириб келишданоқ камондан отиш, арқон тортиш, тош кўтариш, ўзбек жанг санъати, қўл жанги ҳамда тэквандо каби спорт турлари бўйича мусобақа ва кўргазмали чиқишлар турнирга ташриф буюрган спортчилар, меҳмонлар ҳамда туристлар қамраб олди. Болажонлар учун варрак учириш учун ҳам имконият яратилди. Яна бошқа томонда эса миллий ҳунармандчилик наъмуналари кўргазмаси ва сумалак сайллари ташкил этилди. Ҳудуд батамом миллий колоритимизга бурканди.
Турнирнинг тантанали тақдирлаш маросимида Спорт вазири ўринбосари Ш.Маҳмудов, Миллий гвардия қўмондони ўринбосари С.Мамаюсупов, Бухоро вилоят ҳокими Б.Зарипов, Ўзбекистон улоқ-кўпкари федерацияси раиси Р.Адҳамовлар ҳамда вилоят ҳуқуқни мухофаза қилиш идоралари раҳбарлари, хорожлик меҳмонлар, спортчилар, ОАВ вакиллари ва блогерлар иштирок этишиб, финал учрашувини кузатиб боришди.
Тақдирлаш маросимида ғолиб ва совриндорларга 100. 75. 50 млн. сўмлик ваучерлар, диплом ва медаллар тантанали тарзда ташкилотчилар томонидан топширилди.
Мазкур турнир Хитой, Қозоғистон, Россия, Қирғиз Республикаларидан ташриф буюрган телеканаллари мухбирлари ҳамда блогерлари томонидан ёритиб борилди.
Маълумот ўрнида, ушбу турнир 2022 ва 2023-йилларда Сурхондарё вилоятида, 2024-йилда Фарғона вилоятида ҳамда 2025-йилда Наманган вилоятида кўтаринки руҳ ва юқори ташкилий савияда ўтказилган. Жорий йилги мусобақа ҳам миллий қадриятларимизни кенг тарғиб қилиш, чавандозлик анъаналарини асраб-авайлаш ва спорт соҳасидаги халқаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.



