**Арк қалъасида “Бухоро ИИИ Халқаро зардўзлик ва заргарлик фестивали” доирасида отлар паради ўтказилди
Бухоронинг Арк қалъасида вилоят ҳокимлиги, Миллий гвардия Бухоро вилояти бошқармаси, Чавандозлар мактаби ҳамда вилоят маданият бошқармаси ҳамкорлигида “Бухоро ИИИ Халқаро зардўзлик ва заргарлик фестивали” доирасида кўтаринки руҳдаги отлар паради ташкил этилди. Қадимий ва бетакрор тарихий масканда ўтказилган ушбу тадбир фестивалга ўзгача шукуҳ ва миллий руҳ бағишлади.
Парадда миллий либосларда саф тортган чавандозлар, дид билан безатилган тулпорлар ҳамда анъанавий чиқишлар томошабинлар эътиборини тортди. Тадбир давомида ўзбек халқининг бой маданий мероси, азалий урф-одатлари ва чавандозлик санъатининг ўзига хос жиҳатлари намоён этилди. Айниқса, отларнинг тартибли юриши, чавандозларнинг маҳоратли ҳаракатлари ва миллий куй-қўшиқлар уйғунлиги йиғилган меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
Мазкур парад нафақат фестивалнинг мазмунан бой ўтишига хизмат қилди, балки Бухоронинг туризм салоҳияти, миллий ҳунармандчилик анъаналари ва маданий қадриятларини кенг тарғиб этишда ҳам муҳим аҳамият касб этди. Фестивалга ташриф буюрган маҳаллий ва хорижий меҳмонлар қадимий Бухоро муҳитида ташкил этилган ушбу томошадан катта завқ олдилар.
“Бухоро ИИИ Халқаро зардўзлик ва заргарлик фестивали” доирасидаги бундай маданий тадбирлар миллий санъат ва ҳунармандчиликни ривожлантириш, ёш авлод қалбида миллий қадриятларга ҳурмат туйғусини мустаҳкамлаш ҳамда юртимизнинг бой тарихий меросини дунёга кенг тарғиб этишга хизмат қилмоқда.




