Буюк Британия, Англия, Америка Қўшма Штатлари ҳамда Покистон давлатларидан келган меҳмонлар Тошкент шаҳридаги Миллий гвардия Чавандозлар мактабида

Буюк Британия, Англия, Америка Қўшма Штатлари ҳамда Покистон давлатларидан юртимизга ташриф буюрган туристлар Тошкент шаҳрида жойлашган Миллий гвардия Чавандозлар мактабида бўлиб, муассасада яратилган замонавий шарт-шароитлар, от спортини ривожлантиришга қаратилган имкониятлар ҳамда миллий чавандозлик анъаналари билан яқиндан танишдилар.

Ташриф давомида хорижий меҳмонларга Чавандозлар мактабининг асосий фаолият йўналишлари, от спортининг ўзига хос жиҳатлари, миллий от спорти турлари ва халқимизнинг асрлар давомида шаклланган чавандозлик анъаналари ҳақида батафсил маълумот берилди. Шунингдек, мактаб ҳудудида ташкил этилган замонавий инфратузилма, спорт майдонлари, отларни сақлаш ва парваришлаш учун мўлжалланган жойлар ҳамда чавандозлар машғулотлари учун яратилган қулайликлар меҳмонлар эътиборига ҳавола этилди.

Хорижий сайёҳлар ташриф давомида отларни парваришлаш жараёнлари, уларни озиқлантириш ва сақлаш шароитлари билан танишиб, от спорти билан шуғулланиш учун зарур бўлган кундалик меҳнат ва масъулият ҳақида тасаввурга эга бўлдилар. Меҳмонларга отлар саломатлигини таъминлаш, уларни машғулотларга тайёрлаш ҳамда спорт отларини парваришлашнинг муҳим жиҳатлари тушунтирилди.

Шу билан бирга, сайёҳлар камондан отиш машғулотлари жараёнини кузатиб, ушбу спорт турининг техникаси, аниқлик ва диққатни жамлашга бўлган талаблари билан танишдилар. Миллий чавандозлик маданияти билан уйғунлашган мазкур машғулотлар меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди. Спорт майдонларида олиб борилаётган машғулотлар ҳамда чавандозларнинг маҳоратини оширишга қаратилган амалий жараёнлар ҳам ташриф иштирокчиларига намойиш этилди.

Тадбир давомида меҳмонлар ўзларини қизиқтирган саволларига мутахассислардан жавоб олиб, Ўзбекистонда от спорти ва миллий чавандозликни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида қўшимча маълумотларга эга бўлдилар. Хорижий сайёҳлар учун ташкил этилган мазкур ташриф мамлакатимизда спорт, маданият ва туризм йўналишларининг ўзаро уйғунлигини намоён этувчи муҳим тадбирлардан бири бўлди.

Бундай ташрифлар орқали Ўзбекистоннинг бой тарихий-маданий мероси, миллий спорт турлари, отчилик анъаналари ва замонавий спорт инфратузилмаси халқаро меҳмонларга кенг тарғиб этилади. Айниқса, чавандозлик санъати, отларга бўлган эътибор ва миллий от спортининг ўзига хос хусусиятларини хорижий сайёҳларга намойиш этиш мамлакатимизнинг туризм салоҳиятини янада оширишга хизмат қилади.

Миллий гвардия Чавандозлар мактабида ташкил этилаётган бундай маърифий ва таништирув тадбирлари миллий спорт меросини асраб-авайлаш, уни кенг жамоатчиликка етказиш ҳамда хорижий меҳмонларда Ўзбекистоннинг от спорти ва чавандозлик маданиятига бўлган қизиқишни янада кучайтиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Бошқа хабарлар