Хонжиза тоғларида жасорат, садоқат ва миллий қадриятлар жам бўлди
Бугунб 17-июн куни Сурхондарё вилоятининг энг олис ва тоғли ҳудудларидан бири бўлган Сариосиё туманидаги "Хонжиза" болалар соғломлаштириш оромгоҳида Миллий гвардия Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси ҳамда Қорабайир отлари маҳорат мактаби ҳамкорлигида “Ватанпарварлик карвони” шиори остида кенг қамровли маънавий-маърифий, маданий ва спорт тадбирлари ташкил этилди.
Мазкур тадбир ёш авлодни ҳар томонлама баркамол инсон этиб тарбиялаш, уларнинг қалбида Ватанга муҳаббат, миллий қадриятларга ҳурмат ва садоқат туйғуларини янада мустаҳкамлаш, ҳарбий-ватанпарварлик руҳини юксалтириш ҳамда ёзги таътил кунларини мазмунли ва самарали ташкил этиш мақсадида ўтказилди.
Тадбирнинг тантанали очилиш маросимида сўзга чиққан масъуллар томонидан мамлакатимизда ёшларга қаратилаётган эътибор, уларнинг таълим олиши, спорт билан шуғулланиши ва бўш вақтини мазмунли ташкил этиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Шунингдек, юртимиз тинчлиги ва осойишталигини сақлаш, давлат хавфсизлигини таъминлаш йўлида хизмат қилаётган ҳарбий хизматчиларнинг шарафли фаолияти ҳақида тушунчалар берилиб, ёшлар билан очиқ мулоқот ташкил этилди.
Тадбир давомида Миллий гвардия ходимлари томонидан ҳарбий хизматнинг мазмун-моҳияти, унинг жамият ҳаётидаги ўрни ва аҳамияти, ҳарбий касбнинг шарафли жиҳатлари ҳақида тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилди. Ёшлар ҳарбий техника ва замонавий қурол-аслаҳалар кўргазмаси билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлдилар. Мутахассислар томонидан ҳар бир қурол ва махсус воситанинг вазифаси, фойдаланиш тартиби ҳамда хавфсизлик қоидалари ҳақида батафсил маълумотлар берилди.
Кўргазма айниқса оромгоҳ тарбияланувчиларида катта қизиқиш уйғотди. Ёшлар ҳарбий хизматчилар билан мулоқот қилиб, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар. Шунингдек, белгиланган хавфсизлик талабларига қатъий риоя этилган ҳолда камондан ўқ узиш бўйича амалий машғулотлар ташкил қилиниб, иштирокчиларга ушбу спорт тури бўйича дастлабки кўникмалар берилди. Бу эса болаларда нафақат спортга, балки интизом ва масъулиятга бўлган қизиқишни ҳам кучайтирди.
Тадбирнинг энг қизиқарли ва таассуротларга бой қисми Қорабайир отлари маҳорат мактаби томонидан намойиш этилган кўргазмали чиқишлар бўлди. Тажрибали мураббийлар ва моҳир чавандозлар иштирокида ташкил этилган от спорти дастурида миллий чавандозлик анъаналари, Қорабайир зотли отларининг ўзига хос хусусиятлари ва уларнинг тарихий аҳамияти ҳақида батафсил маълумотлар берилди.
Ёшлар юртимизнинг миллий бойлиги ҳисобланган Қорабайир зотли отлари билан яқиндан танишиб, уларнинг парвариши, тайёрланиш жараёнлари ҳамда спорт мусобақаларидаги ўрни ҳақида қизиқарли маълумотларга эга бўлдилар. Мутахассислар назорати остида отларда сайр қилиш имконияти яратилгани эса болалар учун унутилмас таассурот қолдирди. Чавандозларнинг маҳоратли чиқишлари, мураккаб элементларни катта аниқлик ва чаққонлик билан бажариши тадбир иштирокчиларининг олқишларига сазовор бўлди.
Шунингдек, тадбир доирасида спортнинг бир қатор турлари бўйича қизиқарли мусобақалар ташкил этилди. Арқон тортиш, югуриш, эстафета, шахмат-шашка ва бошқа спорт беллашувлари ёшлар ўртасида соғлом рақобат муҳитини яратди. Мусобақаларда фаол қатнашган ва юқори натижаларни қўлга киритган иштирокчилар ташкилотчилар томонидан диплом, эсдалик совғалари ва рағбатлантирувчи совринлар билан тақдирланди.
Бундан ташқари, тадбир давомида турли маънавий-маърифий чиқишлар, ватанпарварлик руҳидаги суҳбатлар ва қизиқарли викториналар ҳам ташкил этилди. Ёшлар томонидан шеърлар, куй-қўшиқлар ва саҳна кўринишлари намойиш этилиб, тадбирнинг маънавий аҳамияти янада оширилди. Бу каби чиқишлар болаларнинг истеъдодларини намоён этиш, уларнинг ижодий салоҳиятини ривожлантириш ва ўзига бўлган ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилди.
“Ватанпарварлик карвони” доирасида ўтказилган мазкур тадбир ёшларнинг ҳарбий-ватанпарварлик руҳини юксалтириш, уларда юрт тақдирига дахлдорлик ҳиссини шакллантириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ҳамда миллий спорт турларига қизиқишни оширишда муҳим аҳамият касб этди. Айниқса, олис ҳудудларда истиқомат қилаётган ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларни спорт ва маънавий-маърифий тадбирларга кенг жалб этиш борасидаги ишларнинг амалий ифодаси бўлди.
Тадбир якунида иштирокчилар ва оромгоҳ тарбияланувчилари ташкилотчиларга самимий миннатдорлик билдириб, бу каби учрашувлар уларда катта таассурот қолдиргани, Ватанга садоқат ва юрт равнақи йўлида хизмат қилиш каби эзгу туйғуларни янада мустаҳкамлаганини таъкидладилар. Юқори савияда ташкил этилган мазкур тадбир кўтаринки кайфият ва унутилмас таассуротлар билан якунланди.




