Миллий қадриятлар ва от спорти ёшлар нигоҳида
Миллий гвардиянинг Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси, Самарқанд вилояти Камондан отиш федерацияси, Самарқанд вилояти Чавандозлар мактаблари ҳамда “Редбридге Интернатионал Счоол” хусусий мактаби ҳамкорлигида ёшлар ўртасида от спортини кенг тарғиб қилиш, уларни соғлом турмуш тарзига жалб этиш, ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳамда халқимизнинг бой тарихий ва маданий меросига бўлган ҳурматини янада мустаҳкамлаш мақсадида қатор тадбирлар ташкил этилмоқда.
Мазкур ҳамкорлик доирасида ёшлар учун отлар ва пони отларида сайр қилиш имконияти яратилди. Тадбир давомида иштирокчилар тажрибали мутахассислар ва мураббийлар кўмагида отларга парвариш кўрсатиш, уларни бошқариш ҳамда от спортининг ўзига хос жиҳатлари билан яқиндан танишишди. Айниқса, кичик ёшдаги болалар учун ташкил этилган пони отларидаги сайрлар уларда катта қизиқиш ва қувонч уйғотди.
Бундай тадбирлар ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларда жасорат, матонат, масъулият ва интизом каби муҳим фазилатларни шакллантиришга хизмат қилади. Шу билан бирга, от спорти орқали аждодларимиздан мерос бўлиб келаётган миллий қадриятлар ва анъаналарни ёш авлод онгига сингдириш, уларда она Ватанга садоқат ва миллий ғурур туйғуларини кучайтириш кўзда тутилган.
Тадбир иштирокчилари учун хавфсизлик қоидаларига тўлиқ риоя этилган ҳолда яратилган шароитлар уларга унутилмас таассуротлар бағишлади. Ёшлар отлар билан мулоқот қилиш жараёнида нафақат янги билим ва кўникмаларга эга бўлишди, балки табиат ва ҳайвонот оламига меҳр-муҳаббат туйғуларини ҳам янада мустаҳкамладилар.
Келгусида ҳам ушбу ҳамкорлик доирасида от спортини ривожлантириш, ёшларни миллий спорт турларига кенг жалб этиш ва улар учун турли маънавий-маърифий ҳамда спорт тадбирларини ташкил этиш режалаштирилган. Бу каби ташаббуслар баркамол, жисмонан соғлом ва маънан етук авлодни вояга етказишда муҳим аҳамият касб этади.




