"Қорақалпоқ овули"да Франциялик сайёҳларга миллий от спорти ўйинлари намойиш этилди

Нукус шаҳрида жойлашган "Қорақалпоқ овули" масканида Франция давлатидан ташриф буюрган сайёҳлар учун миллий от спорти турлари бўйича тадбир ташкил этилди.

Тадбирда меҳмонларга қорақалпоқ халқининг асрлар давомида шаклланиб келган чавандозлик анъаналари, миллий ўйинларнинг тарихи ва ўзига хос жиҳатлари ҳақида батафсил маълумотлар берилди.

Сайёҳлар учун Миллий гвардия Чавандозлар мактаби томонидан улоқ-кўпкари, танга олиш ҳамда қиз қувди каби миллий от спорти турлари амалий тарзда намойиш этилди. Айниқса, чавандозларнинг от устидаги чаққонлиги, эпчиллиги ва юқори маҳорати хорижлик туристларда катта таассурот қолдирди. Меҳмонлар миллий ўйинларнинг нафақат спорт, балки халқнинг урф-одати, жасорат ва мардлик тимсоли эканини алоҳида эътироф этдилар.

Тадбир давомида Франциялик сайёҳлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олиб, от спорти анъаналари билан яқиндан танишиш имконига эга бўлишди. Шунингдек, улар миллий либослар, қадимий урф-одатлар ва Қорақалпоқ халқининг меҳмондўстлик анъаналарига ҳам юқори баҳо бердилар.

Мазкур маҳорат дарси мамлакатимизнинг бой миллий мероси ва туризм салоҳиятини халқаро миқёсда тарғиб қилиш, хорижий меҳмонларда қорақалпоқ миллий спорт турларига бўлган қизиқишни янада оширишга хизмат қилмоқда.

Бошқа хабарлар