Кўкдала - улоқ-кўпкари мусобақаси ташкил этилди.

Қашқадарё вилояти Кўкдала тумани ҳудудида жойлашган “Улоқ” майдонида Миллий гвардия Қашқадарё вилояти бўйича бошқармаси, Миллий гвардия Чавандозлар мактаби ҳамда Ўзбекистон Улоқ-кўпкари федерациясининг вилоят бўлими ҳамкорлигида йирик спорт тадбири - улоқ-кўпкари мусобақаси ташкил этилди.

Мазкур мусобақа миллий спорт туримизни ривожлантириш, ёш авлодни аждодларимиздан мерос бўлиб келаётган анъанавий спортга бўлган қизиқишини ошириш ҳамда ҳудудлараро спорт алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилди.

Мусобақада Қашқадарё, Сурхондарё ва Самарқанд вилоятларидан ташриф буюрган етук улоқ-кўпкари секциялари аъзолари билан бир қаторда, қўшни Тожикистон Республикасидан келган тажрибали ва моҳир улоқчи-спортчилар ҳам муносиб иштирок этдилар. Шунингдек, Миллий гвардия Қашқадарё вилояти бўйича бошқармаси ҳамда Миллий гвардия Чавандозлар мактаби чавандозларининг қатнашуви мусобақага алоҳида нуфуз ва салмоқ бағишлади.

Беллашувлар давомида чавандозлар ўз жасоратлари ва юқори спорт маҳоратини намойиш этиб, томошабинларда катта таассурот қолдирдилар. Отларнинг чаққонлиги, улоқчиларнинг тезкор ва кескин ҳаракатлари мусобақанинг қизғин паллаларини янада жонлантирди.

Мусобақани 3000 нафардан ортиқ улоқ-кўпкари ихлосмандлари катта қизиқиш ва ҳаяжон билан томоша қилдилар.

Тадбир якунида ғолиб ва совриндор чавандозлар ташкилотчилар томонидан муносиб тақдирландилар.

Мазкур мусобақа миллий спортимизни тарғиб этиш, ҳудудлар ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этди.

Бошқа хабарлар