Поло бўйича Ўзбекистон чемпионати ғолиблари аниқланди

Жорий йилнинг 5-7 май кунлари Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида жойлашган Марказий Ипподром "Отчопар" мажмуасида  Миллий гвардия ва Ўзбекистон Поло федерацияси ҳамкорлигида Миллий гвардия Чавандозлар мактаблари ўртасида от спортининг поло тури бўйича Ўзбекистон чемпионати мусобақасига бўлиб ўтди.

Мусобақада Миллий гвардия Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар, Фарғона, Андижон, Наманган, Сирдарё, Жиззах, Самарқанд, Қашқадарё, Сурхондарё, Навоий, Бухоро, Хоразм ва Тошкент вилоятлари Чавандозлар мактабларининг поло жамоалари таркибидан иборат 120 нафарга яқин спортчилари иштирок этишди.

Мажмуада от спортига ошуфта мухлислар олқиши ва миллий спорт руҳини ўзида мужассам этган тантанали лаҳзалар ҳукм сурди. Миллий гвардия ҳамда Ўзбекистон Поло федерацияси ҳамкорлигида ташкил этилган поло бўйича Ўзбекистон чемпионатининг очилиш маросими юқори савияда бўлиб ўтди.

Тадбир аввалида давлат мадҳияси янграб, майдонга саф тортиб кириб келган чавандозлар ва сара отлар мусобақага ўзгача шукуҳ бағишлади. Маросим давомида сўз олган Миллий гвардия қўмондони ўринбосари полковник С.Мамаюсупов, Адолат социал демократик партияси раиси Олий Мажлис қонунчилик палатаси фракция раҳбари Р.Маҳмудова ва Ўзбекистон Поло федерацияси раиси А.Рустамбаевлар поло спорти нафақат жисмоний тайёргарлик, балки жасорат, тезкор фикрлаш ва жамоавий бирдамликни талаб қиладиган спорт тури эканини таъкидладилар. Ушбу спортда спортчилар от устида ҳаракатланиб, сониялар ичида тўғри қарор қабул қилиши, рақибнинг ҳаракатларини олдиндан сезиши ва жамоадошлари билан мукаммал ҳамкорликда ўйнаши лозим. Шу боис поло инсоннинг нафақат куч ва чаққонлигини, балки стратегик тафаккури, ирода мустаҳкамлиги ҳамда масъулият ҳиссини ҳам синовдан ўтказадиган спорт тури сифатида эътироф этилади.

Уч кун давом этган мусобақанинг ҳар бир беллашуви 7 дақиқалик 2 та таймдан иборат бўлиб, ўйин орасида 60 сониялик қисқа танаффус берилади. Шу қисқа вақт ичида жамоалар максимал куч ва маҳоратини намойиш этади. Поло жамоалари чавандозлари мусобақада ўзларининг кучлилигини, жасурлигини эпчиллигини мардлигини ва тезкролигини намоён этишди. Жамоалар ғолиблик учун курашишди. Баҳслар эса мусобақа қоидаларига мувофиқ олиб борилди.

"Отчопар" майдонида ҳақиқий спорт майдони кечмоқди — ҳар бир зарба, ҳар бир югуриш, ҳар бир бурилиш томошабинларни ҳаяжонга солди. Чавандозлар чаққонлик ва маҳоратини намойиш этиб, тўп учун кескин кураш олиб борди.. Отлар тезлиги ва спортчиларнинг уйғун ҳаракати мусобақага ўзгача шиддат бағишлади.

Мусобақанинг яна бир ҳаяжонли дақиқалари - аёллар жамоаси тўп суришди — бу эса томошабинлар учун ноёб ва қизиқарли манзара яратди. Ноодатий жиҳати шундаки, одатда эркаклар устунлик қиладиган поло спортида бугун аёллар ўз маҳорати, тезкорлиги ва жасоратини намойиш этди. От устида тўпни бошқариш, жамоавий ўйин ва стратегия уйғунлиги майдонга ўзгача руҳ бағишлади.

Ҳар бир жамоалар ғалаба учун бор кучини ишга солмоқда — майдонда нафақат куч, балки тактика ва жамоавий ҳамжиҳатлик ҳал қилувчи аҳамият касб этди. Томошабинлар эса ҳар бир гол ва муваффақиятли ҳаракатни олқишлар билан қарши олиб, мусобақага янада кўтаринки руҳ бағишлади.

Беллашувлар ўзига хоз тарзда бўлиб, мусобақа қоидаларига мувофиқ олиб борилди. Мусобақанинг якуний натижаларига кўра:

Олтин медални Миллий гвардия Тошкент шаҳар Чавандозлар мактаби жамоаси қўлга киритиб, мусобақа ғолибига айланишди.

Кумуш медалга Миллий гвардия Қашқадарё вилояти Чавандозлар мактаби жамоаси сазовор бўлишди.

Бронза медали эса Миллий гвардия Самарқанд вилояти Чавандозлар мактаби жамоасига насиб этди.

Аёллар жамоаси натажиларига кўра:

Олтин медални Миллий гвардия Самарқанд вилояти Чавандозлар мактаби жамоаси қўлга киритиб, мусобақа ғолибига айланишди.

Кумуш медалга Миллий гвардия Навоий вилояти Чавандозлар мактаби жамоаси сазовор бўлишди.

Бронза медали эса Миллий гвардия Жиззах вилояти Чавандозлар мактаби жамоасига насиб этди.

Совринли ўринларни эгаллаган ғолиб жамоалар ташкилотчилар томонидан кубок, медал, диплом ва эсдалик совғалари билан муносиб тақдирландилар. 

Айтиб ўтиш керакки, поло мусобақаси ўзаро тажриба алмашиш ва поло спортини янада ривожлантириш учун муҳим платформа бўлди. Шунингдек, ёш авлодни от спортининг поло турига қизиқтириш йўлида муҳим қадам ҳисобланади.

Бошқа хабарлар