Пойтахтимизда "Отлиқ кавалерия" паради бўлиб ўтди

Бугун, 30-сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 34 йиллиги муносабати билан Миллий гвардия бошчилигида Тошкент шаҳри ҳамда вилояти куч тузилмаларининг отлиқ бўлинмалари иштирокидаги, доимий ўтказилиши анъанага айланган "Отлиқ кавалерия" паради “Ўзбекистон” меҳмонхонаси автотураргоҳидан Амир Темур ҳиёбони бўйлаб, “Hyatt” меҳмонхонаси автотураргоҳигача бўлган йўналишларда бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 34 йиллигига  бағишланган тадбир доирасида миллий анъанамиз бўлган карнай сурнай ижросидаги мусиқа садолари остида чавандозлар хизмат ва спорт кийимларида, Ўзбекистон байроғини баланд кўтарган ҳолда юриб ўтишди.

Алоҳида таъкидлаш жоизки, бу йилги "Отлиқ кавалерия" паради ўзгача тус олди. Бу галги парадда Миллий гвардиянинг  аёл ҳарбий хизматчилари ҳам хизмат отларида фаол иштирок этиб, томошабинларда катта таассурот қолдирди.

Миллий гвардия ҳарбий оркестрлари томонидан ижро этилаётган жўшқин куй-қўшиқлар парадга ўзгача файз бағишлаб, томошабинларда катта ҳаяжон ва завқ уйғотди.

Ҳар бир навбатдаги куй садолари остида майдонни тўлдирган халқ олқишлар ила ҳарбийларга ва чавандозларга руҳий мадад кўрсатди. Айниқса, болалар барча чавандозларнинг чиқишларини катта қизиқиш билан томоша қилди.

Бошқа хабарлар